Янгиликлар

21 декабр 2020 198

Навоий вилоятидаги учта почта бўлимида электрон давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги «Рақамли Ўзбекистон» старатегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6079-сон Фармони билан Қизилтепа ва Хатирчи туманларида жисмоний ва юридик шахсларга интерактив давлат хизматларидан фойдаланишда имконият яратиш мақсадида туман почта алоқаси бўлимида хизматларни ташкил этиш бўйича вазифалар белгилаб берилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 14 декабрдаги “Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор почта алоқаси тизими бугунги кунда мамлакат ҳудудларида хат ва почта жўнатмалари билан бир қаторда товарларни етказиб бериш, банк, молия ва давлат хизматларини кўрсатиш бўйича ўз инфратузилмасига эга бўлган муҳим соҳа эканлиги, хусусан ушбу соҳа тизимида “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти мамлакатимизнинг почта алоқаси миллий оператори сифатида Республика миқёсида 2 мингга яқин почта алоқаси объектига эга бўлиб, барча аҳоли пунктларини қамраб олган соҳа ҳисобланиши алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Юқоридаги фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида, Қизилтепа почта алоқа тармоғига қарашли “Юқсун” ва “Узилишкент” алоқа бўлимлари ҳамда Хатирчи почта алоқа тармоғига қарашли “Новвот” алоқа бўлими томонидан бугунги кунда фуқароларга “Ягона интерактив давлат хизматлари портали"дан фойдаланган ҳолда жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатилиши йўлга қўйилди.

Бугунги кунда почта алоқа бўлимлари орқали:

  • СТИР рақам олиш;
  • юридик ва жисмоний шахсларни солиқдан қарздорлиги тўғрисида маълумот олиш;
  • никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки никоҳдан ажралганлиги тўғрисида маълумотларни олиш;
  • фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимига ҳисобга олиш;
  • манзил маълумот ахборотларини тақдим этиш;
  • судланганлик ёки судланмаганлик тўғрисида маълумотнома олиш;
  • фуқароларнинг номида шахсий уй-жойи борлиги ёки йўқлиги тўғрисида маълумот олиш;
  • архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш;
  • болаларни давлат мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш учун ариза бериш;
  • туғилганлик ҳақида маълумотнома олиш;
  • ўлим рўйхатга олинганлиги ҳақида маълумотнома олиш;
  • пенсия ва нафақа ҳақида маълумот олиш;
  • наркология диспансерида ҳисобда туриши ёки турмаслиги тўғрисида маълумотнома олиш;
  • руҳий касалликлар бўйича диспансерда ҳисобда туриши ёки турмаслиги тўғрисида маълумотнома олиш каби хизматлардан фойдаланиш мумкин.