Янгиликлар

31 март 2021 291

Электрон ҳукумат ҳудудингизни тўғри бошқаришни ўргатади (видео)

Яқин йиллар ичида Ўзбекистон тараққиётнинг янги босқичи сари қадам ташлаб, кўзга кўринарли ютуқларни қўлга кирита бошлади. Хориж тажрибаси шуни кўрсатдики, ҳар томонлама билимли ва салоҳиятли бошқарувгина мамлакатни юқори поғоналарга олиб чиқади.

Шунинг учун ҳам бугун ҳар бир соҳада туб ислоҳотлар амалга оширилиб, ушбу жараёнга нафақат марказий туман ва шаҳарлар, балки ҳудудлар ҳам қамраб олинмоқда.

Бироқ аср талаби – келажакнинг асосий тенденцияси бўлган рақамли технологияларни тезроқ ўзлаштирмай туриб, кутган натижаларимизга эриша олмаслигимиз аниқ. Бу борада электрон ҳукуматнинг ҳудудий рақамли ривожланиш даражаси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Электрон ҳукумат мамлакат ривожининг кенг қамровли стратегиясини белгилаб берувчи асосий омиллардан биридир.

Хўш, бугун республикамиз ҳудудларининг рақамли ривожланиш даражаси қандай?

Бу ҳақда Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ходими Аброр Шазимовдан билиб оламиз.

– Айтинг-чи, бугун республикамиз ҳудудларининг рақамли ривожланиш даражаси қандай?

Республикамиз пойтахти ва вилоятлар марказлари ҳамда йирик шаҳарларнинг рақамли ривожланиш даражаси анча юқори! Лекин ҳудудлардаги аксарият туман ва шаҳарларда кўрсаткич қониқарсиз аҳволда.

Мисол учун, республика бўйича жойлардаги телекоммуникацион инфратузилма 70 фоиз, Иқтисодиётни рақамлаштириш кўрсаткичи 36 фоиз, ижтимоий объектларда тармоқ технологияларини жорий этиш ҳолати 63 фоиз ва рақамли таълим бўйича кўрсаткичлар 54 фоизни ташкил этмоқда.

Биргина Тошкент шаҳрининг рақамли ривожланиш даражасини яхши деб айта оламиз.

6 та ҳудудимиз қониқарли ҳолатда, бу 43 фоизни ташкил этади дегани. 7та ҳудуд (50 фоиз) эса қониқарсиз деб баҳоланган.

Улар қандай кўрсаткичлар асосида баҳоланади?

2020 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ҳудудларнинг рақамли ривожланиш даражасини баҳолаш тартиби тасдиқланган бўлиб, унга кўра дастлабки баҳолаш республикамиздаги 203 та шаҳар ва туманлар кесимида амалга оширилди.

Белгиланган тартибга мувофиқ, ҳудудлар якуний, яъни “яшил” – яхши, “сариқ” – қониқарли ва “қизил” – қониқарсиз натижа билан баҳоланади.

Бунда 4 та кўрсаткич асос қилиб олинган. Жумладан:

“Рақамли инфратузилма” – яъни аҳоли пунктларининг интернет, мобил алоқа, “Wi-Fi” нуқталари ва бошқалар билан қамраб олинганлик даражасига кўра – (35 балл);

“Рақамли иқтисодиёт” – яъни электрон счёт-фактура ва онлайн назорат-касса машиналаридан самарали фойдаланиш, маҳаллий IT-хизматлар бозори ҳолати, электр ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ва бошқалар – (25 балл);

“Ижтимоий объектларда тармоқ технологияларидан фойдаланиш” – яъни ижтимоий муассасалар (болалар боғчаси, мактаблар, поликлиникалар)да интернетдан фойдаланиш ҳамда таълим ва бошқа тизимлар, шунингдек, дастурий маҳсулотларни жорий этиш ҳолатини баҳолаш – (20 балл);

“Рақамли таълим” – яъни мактабларни йўналиш бўйича дипломга эга информатика ўқитувчилари билан ҳамда ўқувчиларнинг “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси бўйича қамраб олинганлиги, аҳолининг IT-секторида бандлиги, IT-ўқув марказлари ва бошқалар – (20 балл).

– Баҳолашга айнан қайси давлат органи масъул? Яна жараёнда иштирок этувчи давлат ташкилотларининг вазифалари нималардан иборат?

– Баҳолашга масъул давлат органи – Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, ишчи, яъни баҳолаш билан бевосита шуғулланувчи орган – Электрон ҳукумат лойиҳаларини ривожлантириш маркази ҳисобланади.

Ҳудудларнинг рақамли ривожланиш даражасини баҳолаш ва рейтингини шакллантиришда маълумот тақдим этувчи давлат ташкилотлари сифатида эса халқ таълими, соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим, қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги вазирликлари, давлат статистика ҳамда солиқ қўмиталари, “Ҳудудгазтаъминот”, шунингдек, “Ҳудудий электр тармоқлари” Акциядорлик жамиятлари белгиланган.

Баҳолаш сифат ва миқдор кўрсаткичлари асосида амалга оширилади. Масалан, баъзи давлат органлари томонидан тақдим этиладиган кўрсаткичларда режалаштирилган ва амалга оширилган ишлар сони баҳоланган бўлса, баъзиларида кўрсаткичнинг хўжалик корхоналари ёки аҳоли сонига нисбатан улуши баҳоланган.

–  Айтинг-чи, ҳудудларнинг рақамли ўсиш даражасини баҳолашдан асл мақсад нима?

– Асосий мақсадимиз энг илғор ёки энг қуйи ҳудудларни аниқлаб, уларга ижобий ёки салбий баҳо бериб ўтириш эмас, балки қизил рўйхатга тушган шаҳар ва туманларнинг рақамлаштиришга тўсқинлик қилаётган омилларини, камчиликларини масъул органлар билан бирга бартараф этишдир.

Шу билан бирга, баҳолаш натижалари асосида интернет қамрови даражасини, мобил алоқа ва телекоммуникация хизматларининг сифатини ошириш.

Фаолиятида АКТдан самарали фойдаланувчи корхоналар кўламини кўпайтириш, электрон тижоратни ривожлантириш.

Мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ва умумтаълим мактаблари каби ижтимоий объектларда тармоқ технологияларидан фойдаланишни йўлга қўйиш.

Вилоят ва шаҳарларда рақамли кўникмалар даражасидаги бўшлиқни бартараф этиш мақсадида Республиканинг барча ҳудудларида АКТга ихтисослаштирилган мактаблар ва ўқув марказларини ташкил этиш бўйича ишларни амалга ошириш.

Энди бизни натижалар билан ҳам таништирсангиз...

– Рақамли ривожланиш ҳолатининг якуний баҳоси бўйича дастлабки босқичда атиги 28 та туман ва шаҳарлар “яшил” рўйхатга кирган. Вилоятлар кесимида ўтказилган баҳолашда эса, юқорида айтиб ўтганимдек, фақат Тошкент шаҳригина яшил рўйхатдан жой олди.

Туманлар кесимида Рақамли ривожланиш ҳолати қониқарли деб топилиб, “сариқ” рўйхатга киритилганлари – 59та. Шунга қарамай, улар орасида айрим мезонлар бўйича “аъло баҳо”ни қўлга киритиб, “Рақамли инфратузилма” доирасида 91 баллдан ошганлари ҳам бор. Вилоятлар кесимида эса 6та ҳудуд сариқ рўйхатда.

Рақамли ривожланиш ҳолати қониқарсиз деб топилганлари, яъни “қизил” рўйхатдагилар туман ва шаҳарлар кесимида 116та, вилоятлар кесимида 7тани ташкил этган.

Эндиликда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан бир қатор тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, Ахборот технологиялари вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ҳамда Ўзкомназорат инспекцияси томонидан ишчи гуруҳлар тузилган ҳолда рейтингда қизил рўйхатга кирган ва паст натижа кўрсатган ҳудудларда ўрганишлар ташкил этилди. Электрон ҳукумат маркази томонидан тайёрланган таклифлар асосида ҳудудлар ҳолатини яхшилаш бўйича устувор вазифалар аниқланиб, йўл хариталари ишлаб чиқилди ва ҳар бир ҳудуддаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи томонидан тасдиқланди.

Навбатдаги июль ойи ҳолати бўйича ўтказиладиган баҳолашга қадар мазкур йўқ хариталарида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш орқали камчиликлар бартараф этилиши ҳамда қизил рўйхатдаги шаҳар ва туманлар кўрсаткичи яхшиланиши кўзда тутилган. 

Мақсадимиз – ҳар бир шаҳар ва туман, қолаверса, ҳар бир хонадонда электрон ҳукуматнинг кенг имкониятларидан фойдаланишга шароитлар яратиш!

— Тушундикки, электрон ҳукумат бизга ҳудудимизни тўғри бошқаришни ўргатади. Берган маълумотларингиз учун катта раҳмат!

Шоҳида Исроилова суҳбатлашди.