Янгиликлар

30 апрел 2021 149

Электрон ҳукумат — инсонлар ҳақида қайғуради (видео)

Рақамли иқтисодиёт давлат бошқарувида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш, йиллар давомида барча тизимларда урчиган коррупция ва бюрократизмга барҳам беришда дунё тажрибасидан ўтган усулдир. Айнан пандемиядан кейинги иқтисодий тикланишда унинг ўрни жуда билинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йилга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” номи берилиб, шу йилнинг 28 апрелида “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг имзоланиши мамлакатимизда рақамли Ўзбекистон дастурини жадал рўёбга чиқаришдек янги йўлни танлашимизга туртки бўлди.

Жумладан, мазкур қарорда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузурида “Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази” давлат муассасасини ташкил этиш топшириғи ҳам қайд этилиб, Марказга аҳоли ва давлат ўртасидаги муносабатларни электрон шаклда йўлга қўйишдек масъулиятли вазифа ишониб топширилди.

Шу билан бирга, Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказига электрон ҳукуматни ривожлантиришда ягона технологик ёндашувни таъминлаш, давлат органлари ва ташкилотларида рақамли ривожланишнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш, ижро интизомининг ягона идоралараро электрон тизимини жорий этиш ҳамда соҳадаги лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш босқичларини мувофиқлаштириш кабилар асосий вазифалар этиб белгилаб берилди.

Бугун Электрон ҳукумат тизимига 100 дан ортиқ ахборот тизимлари уланган. Барча вазирлик ва давлат ташкилотларининг ахборот тизимига эса ягона идентификация тизими, яъни ONE ID (https://id.egov.uz) орқали кириш мумкин. 2020 йилда Марказ томонидан ушбу тизимнинг кенгроқ имкониятга эга, технологияси мукаммал ва тезлиги ўзгарган ҳамда нисбатан хавфсиз бўлган янги талқини ишлаб чиқилди.

Ягона интерактив давлат хизматлари портали (https://my.gov.uz) эса 210 зиёд хизматлар билан бойитилди. Эндиликда аҳоли СТИР очиш, болани боғчага навбатга қўйиш, доимий ёки вақтинчалик рўйхатга туриш, кадастр паспортини шакллантириш, паспортини ID-картага алмаштириш, давлат органлари талаб қиладиган турли маълумотномаларни олишда электрон ҳукумат хизматларидан осон ва қулай тарзда фойдаланиш имкониятига эга.

Шу кунгача электрон ҳукумат доирасидаги иқтисодиёт тармоқлари, маҳаллий ҳокимият органлари ва вазирлик идораларида 100 дан зиёд йирик лойиҳалар амалга оширилди. Хизмат кўрсатишни автоматлаштиришдан ташқари, тизимларни ишлаб чиқариш бўйича вазирлик ва идоралардан келаётган 250 дан ортиқ техник топшириқларга хулосалар берилиб, 600 дан зиёдига таклиф ва мулоҳазалар етказилди.

Ҳа, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётгани, шубҳасиз. Буни биргина Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази томонидан амалиётга кенг жорий этилаётган кўплаб лойиҳалар ҳамда фойдаланувчилар сони кун сайин ортиб бораётган электрон ҳукумат хизматларидан ҳам англаш мумкин. 

Хулоса шуки, Электрон ҳукумат бу – фуқаролари ҳақида қайғуриб, уларнинг хавфсизлиги ва ҳуқуқларини кафолатловчи энг шаффоф бошқарув. Унинг ривожланиши эртанги кунимиз янада ёрқин келишидан дарак!