Лойиҳаларни экпертиза қилиш

Электрон ҳукумат тизимида лойиҳаларни амалга ошириш ва уларни жорий қилиш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва давлат бошқаруви тизимига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва телекоммуникация тармоқларини кенгайтириш орқали республика иқтисодиётининг рақобатбардошлигини янада ошириш ҳар бир давлатнинг асосий мақсадларидан биридир.

Мазкур мақсадни амалга оширишда, электрон ҳукумат тизими доирасида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг самарали ва шаффоф механизмларини яратиш, мазкур соҳадаги лойиҳаларни, лойиҳа ва техник ҳужжатларни сифатли экспертизадан ўтказиш зарур аҳамиятга эгадир.

2022 йилга қадар электрон давлат хизматлари улушини 60 фоизгача етказишни назарда тутган ҳолда давлат ахборот тизимлари ва ресурсларини яратиш ҳамда интеграция қилиш, давлат маълумотлар базаларидаги ахборотларни унификация қилиш, шунингдек, давлат хизматларини кўрсатиш тартиботларини оптималлаштириш ва тартибга солиш орқали электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш заб этилиши керак бўлган марралардан бири сифатида белгиланди.

Шу муносабат билан, Марказ ушбу йўналишда электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини амалга оширишда ягона технологик ёндашувни таъминлаш, шу жумладан лойиҳавий-техник ҳужжатларни комплекс экспертизадан ўтказади.

Эслатиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 майдаги “Электрон ҳукумат” тизими доирасида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш сифатини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4328-сонли қарорига мувофиқ, Марказ давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик юритувчи субектлар томонидан амалга ошириладиган электрон ҳукумат тизимини ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш доирасида ахборот тизимлари, маълумотлар базалари, дастурий маҳсулотлар ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги бошқа лойиҳаларнинг паспорт, консепсия ва техник топшириқларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурлари доирасида экспертизадан ўтказади.