Жаҳон банкининг “GovTech Enablers” индексига мувофиқ, рақамли кўникмалар ва давлат хизматларидаги инновациялар бўйича мамлакатимиз дунёда 4-ўринни эгаллаб, 2020 йилга нисбатан 65 поғона юқорилади.
Ўзи мамлакатлар рейтинги нима учун керак?
Энг аввало, мамлакатнинг жаҳон миқёсида обрўсини юксалтириш, мавқеини мустаҳкамлаш ва шаффофликни таъминлаш учун.
Охирги 5-10 йилликда дунёда турли рейтинглар жуда машҳур бўлди. Айниқса, халқаро рейтинглар мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий аҳволини, инфратузилмавий ва рақамли ривожланиш ҳолатини, соғлиқни сақлаш тизими, давлат бошқаруви сифатини, инсон ҳуқуқлари ҳимояси ҳамда аҳолининг турмуш даражасини баҳолаш имкониятини яратмоқда.
Энди дунё давлатлари бундай рейтингларга асосланиб, молиявий активларини қаерга йўналтиришни, ким билан қандай ҳамкорликларни йўлга қўйишни муҳокама қилиб, ҳатто инвестиция киритишга қулай муҳит мавжуд бўлган мамлакатларни ўрганишяпти ва танлашяпти.
2022 йилги халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг рақамлаштириш бўйича ўрни сезиларли юқорилади.
Масалан, Жаҳон банкининг “GovTech Enablers” индексига мувофиқ, рақамли кўникмалар ва давлат хизматларидаги инновациялар бўйича мамлакатимиз дунёда 4-ўринни эгаллаб, 2020 йилга нисбатан 65 поғона юқорилади.
“GovTech Maturity Index” натижаларига кўра, ҳукумат ва давлат хизматлари сектори бўйича Ўзбекистон 37 поғона юқорилаб, 198 мамлакат ичида 43-ўринни эгаллади ва рақамли трансформация соҳасида етакчи мамлакатларнинг “А” гуруҳига кирди.
Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ҳар 2 йилда бир марта ўтказиладиган Электрон ҳукумат рейтингининг жорий йилги натижасида Ўзбекистон бир йўла 18 поғона юқорилаб, 193 та мамлакат орасида 69-ўринни эгаллади ҳамда “юқори/жуда юқори ривожланувчи” мамлакатлар қаторига кирди.
“Oxford Insights” томонидан ўтказилган “Ҳукуматнинг сунъий интеллектга тайёрлик индекси” (“Government Artificial Intelligence Rea dines Index”) таҳлилида 2022 йил мамлакатимиз 160 та давлат ичида 14 поғона юқорилаб, 79-ўринга кўтарилди (2021-йилда 93-ўрин).
The Economist Intelligence Unit томонидан ҳар йили эълон қилинадиган “Inclusive Internet” индексида эса юртимиз ўтган йилга нисбатан 5 поғонага кўтарилиб (2021 йилда 66-ўрин), 2022 йилда 61-ўриндан жой олди.
“Open data Inception” таҳлилига кўра эса Ўзбекистонимиз дунёнинг 201 та мамлакатлари орасида очиқ маълумотлар манбалари ва улар сони бўйича ўтган йилга нисбатан 1 поғона юқорилаб, 4-ўринни эгаллади (124 та очиқ маълумотлар манбалари билан).