Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари томонидан ўтказилган тадқиқот давомида интернет ва мобиль алоқанинг ривожланиши мамлакатимизда ҳам ишсизлик даражасини камайтиришда ёрдам бераётгани аниқланди.
Хусусан, оптик толали интернет узунлигининг 100 километрга ошиши ишсизликнинг 0,04 фоиз пунктига (фоиз пункти – икки фоиз орасидаги фарқ) қисқаришида ёрдам беради. Интернетдан фойдаланувчилар сонининг 1 фоиз пунктига ортиши ишсизликни 0,02 фоиз пунктига камайтиради. 100 та янги асосий алоқа станциясининг қурилиши ишсизлик даражасини 0,05 фоиз пунктига камайтириш имконини беради.
Тадқиқотни ўтказиш чоғида ҳудудлар бўйича 2015-2020 йилларга оид статистик маълумотларга асосланган эконометрик моделлардан фойдаланилди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда АКТ соҳасида банд бўлганлар сони муттасил ошиб бормоқда. Агар 2015 йилда соҳада 33,4 минг киши ишлаган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 53,8 мингни ташкил этди (ўсиш суръати – 161%). Бошқа томондан, иқтисодий тараққиётнинг ҳозирги босқичида бандлик билан боғлиқ муаммони янгича ёндашув – масофавий иш ёки фриланс орқали ҳал қилиш имконияти ортаяпти. Бугунги кунда Ўзбекистонда бир қатор рақамли фриланс платформалари фаолият юритмоқда. Улар одамларга ўзини-ўзи иш билан таъминлашда кўмак бераяпти.
Келгусида ҳам ишсизлик муаммосини ҳал этишда АКТнинг роли ортиб боради. Чунки соҳа ривожлангани сари одамларнинг онлайн платформалар орқали иш топиши ёки тўғридан-тўғри онлайн сайтларда ишлаш имконияти ортади. Боз устига, халқаро меҳнат бозорида рақамли касбларга талаб муттасил ошиб бормоқда.