Ўзбекистон ҳудудлари бўйича ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) ривожланишининг рейтинги тузилди.
Ҳудудларда яратилган шароитлар рақамли иқтисодиётнинг инклюзивлигини таъминлаш учун жуда муҳим. "Рақамли имкониятлар" нафақат марказда, балки вилоятларда ҳам мавжуд бўлишини таъминлаш учун ушбу имкониятлар кўлами ва динамикасини кўриб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.
Рақамлаштириш одамлар ва товарларнинг бир жойдан иккинчи жойга етказилиши учун кетадаган харажатларни камайтириши мумкин. Бу эса ишчилар ва корхоналар учун жойлашувнинг аҳамиятини камайтиради. Натижада, минтақалардаги технологик тараққиёт хизматлардан фойдаланиш сифати ва имкониятларини яхшилаши, фуқароларнинг мамлакат ҳаётидаги жараёнлардаги иштирокини фаоллаштириши, тадбиркорлик ва маҳаллий меҳнат бозорларини ривожлантириши мумкин.
АКТ компаниялар ичида ахборотни бошқаришни яхшилашда кўмак беради. Улар транзакция харажатларини камайтириши ва бизнесдан бизнесга (B2B) ва бизнесдан истеъмолчига (B2C) операциялари учун транзакцияларнинг тезлиги ва ишончлилигини ошириши мумкин.
Япония қишлоқ жойларда иқтисодиётни ривожлантиришнинг муқобил сиёсати сифатида масофадан туриб ишлашни татбиқ этган етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Агар 2017 йилда Япония компанияларининг 13,9 фоизи ўз ходимларига масофадан ишлашга рухсат берган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 51,9 фоизга етди.
Прогнозлаштириш ва макро иқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари Ўзбекистон ҳудудларида АКТнинг ривожланганлик ҳолатини баҳолаш мақсадида ITU методологиясига мувофиқ АКТнинг ривожланиш индекси асосида минтақалар рейтингини тузди. Ҳисоблаш учун асос сифатида AКТнинг ривожланиш индекси танланди. IDI 3 гуруҳга ажратилган (AКТга уланиш имконияти, AКТдан фойдаланиш даражаси ва AКТдан фойдаланиш учун кўникмалар) 11 кўрсаткични жамлаган ҳолда ҳисобланади. Индекс 2015-2021 йиллар учун ҳисобланган.
Aсосий натижалар:
Эътиборли жиҳати шундаки, ўрганилаётган даврда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида (Тошкент шаҳридан ташқари) индекс мутлақ кўрсаткичининг ўсиши кузатилган. Тошкент шаҳри индексининг пасайиши бошқа ҳудудларга нисбатан дастлабки даврдаги юқори кўрсаткичлар билан изоҳланиши мумкин. Шунга қарамай, Тошкент шаҳри 2021 йилда ҳам рейтинг бўйича сезиларли устунликни сақлаб қолди.