Аҳолига кўрсатилаётган электрон давлат хизматлари Қўмита эшитувида муҳокама қилинди

Аҳолига кўрсатилаётган электрон давлат хизматлари Қўмита эшитувида муҳокама қилинди

IT-парк биносида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини рақамлаштириш ҳамда рақамли инфратузилмани ривожлантиришнинг жорий ҳолати ва истиқболлари юзасидан” Қўмита эшитуви ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмита раиси Илҳом Абдуллаев ҳамда Рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекос, шунингдек, сиёсий партияларнинг фракция аъзолари ҳамда вазирлик ва тизим ташкилотлари масъуллари иштирок этишди.

Йиғилишда кириш сўзини олган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси Илҳом Абдуллаев шу йилнинг 22-феврал куни давлат раҳбари томонидан ўтказилган тармоқ ва соҳаларда ҳамда ҳудудларда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича видеоселекторда кўтарилган масалаларга, мавжуд камчилик ҳамда 2023 йилги вазифалар ва режаларга алоҳида урғу берди.

Хусусан, рақамлаштириш соҳасида давлат раҳбари томонидан олиб борилаётган кучли ижтимоий-иқтисодий сиёсатни қўллаб-қувватлаш ҳамда мазкур йўналишда қабул қилинган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан таъсирчан парламент назорати ўрнатилганини ҳам таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг Рақамли технологиялар вазири биринчи ўринбосари Олег Пекоснинг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини ривожлантириш, электрон хизматлар улушини ошириш ҳамда рақамли инфратузилмани ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар”га доир қизиқарли ва долзарб тақдимоти тингланди.

Тадбир давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партияларнинг фракция аъзолари давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятини рақамлаштириш ҳамда рақамли инфратузилмани ривожлантиришда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ўз вақтида ва сифатли таъминланиши фуқаролар манфаатини ҳимоя қилишга, тадбиркорликни ривожлантиришга ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий қиёфасини шакллантиришга хизмат қилишини таъкидлашди.

Халқ вакилларининг Ўзбекистон электрон ҳукумати ривожланиши ва my.gov.uz хизматларидан фойдаланиш кўрсаткичлари, шунингдек, давлат органларининг ўзаро маълумотлар алмашинувида юзага келаётган хатоликлар ҳамда электрон давлат хизматларини олиш бўйича аҳоли кўникмасини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга доир саволларига Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази директори Азиз Мухитдинов аниқ рақамлар ва мисоллар билан батафсил жавоб бериб ўтди.

Йиғилишда, шунингдек, Рақамли технологиялар вазирлигининг давлат органлари томонидан аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларини ҳамда давлат органлари фаолиятини рақамлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ишлар, аҳолини сифатли оптик толали интернет билан таъминлаш ҳамда рақамли инфратузилмани ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Тадбирда нафақат долзарб фикр-мулоҳазалар ва қизиқарли савол-жавоблар тингланди, балки мавжуд муаммолар ечимига доир муҳим таклифлар ҳам ўртага ташланди.

Поделиться:
Единый портал интерактивных государственных услуг
Национальный правовой информационный центр