Аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини интернет ҳамда планшетлар ёрдамида ўтказиш учун ахборот тизими ишлаб чиқилди

Аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини интернет ҳамда планшетлар ёрдамида ўтказиш учун ахборот тизими ишлаб чиқилди

19 июль 2022

Сўнгги йилларда ҳаётимизнинг барча жабҳаларига рақамли технологиялар жадаллик билан кириб бориши туфайли янги кўринишдаги иқтисодий муҳит, яъни рақамли иқтисодиёт экотизими вужудга келмоқда.

Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва ҳудудларда рақамли иқтисодиётнинг ривожланиш жараёнлари ва ҳолатини кузатиш, натижаларини кўрсаткичларда акс эттириш ва улардан тегишли хулосалар чиқаришда фойдаланиш соҳа статистикасини янада такомиллаштириш, унинг назарий-услубий жиҳатларини халқаро талаблар ҳамда миллий қонунчилик асосида ривожлантиришни талаб этади.

Шуни инобатга олган ҳолда “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси ҳамда 2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси статистикасини ривожлантиришнинг миллий стратегияси асосида ўтган давр мобайнида жараёнларни статистик баҳолаш тизимини жорий этиш бўйича қатор ижобий натижаларга эришилди.

Энг аввало, Давлат статистика қўмитаси ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамкорлигида рақамли иқтисодиётнинг ривожланиш ҳолати тўғрисида статистик маълумотларни тўплаш ва шакллантиришда ягона ёндашув ҳамда методология жорий этилди. Мазкур услубиёт асосида “Ахборот иқтисодиёти ва электрон тижорат” йиғма кўрсаткичлар ҳисоблаб чиқилиб, эълон қилинди. Унинг таркибига контент ва медиа ҳамда электрон савдо фаолиятлари ҳам қамраб олинди.

Кўрсаткичларни шакллантиришда норасмий сектор қамровини таъминлаш мақсадида 2021 йилдан бошлаб ахборот технологиялари соҳасида маҳсулотлар ишлаб чиқариш, савдо ва хизматлар кўрсатиш бўйича жисмоний шахслар танланма кузатуви ўтказиляпти. Кузатувларнинг барча ҳудудларда планшетлар ёрдамида амалга оширилиши туфайли маълумотларни тўплаш ва қайта ишлаш учун сарфланадиган вақт 10 баробарга қисқарди.

Статистик ҳисоботларни интернет орқали онлайн қабул қилишнинг eStat 4.0 автоматлашган ахборот тизими яратилди ва 120 турдаги ҳужжатлар қабули йўлга қўйилди. Натижада ҳисоботларни қабул қилиш ва қайта ишлаш вақти 2 карра қисқартирилди.

Юртимизда илк бора ўтказилиши режалаштирилаётган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирларини интернет ҳамда планшетлар ёрдамида ўтказиш учун зарур ахборот тизими ишлаб чиқилди ва ҳозир якуний синов ишлари олиб борилмоқда. 30 дан ортиқ манфаатдор вазирлик ва идора ўртасида ўзаро электрон маълумотлар алмашиниши интеграция қилинди.

Эндиликда статистик маълумотлардан фойдаланувчилар уларни излаб вақтларини йўқотмайди ёки қўмитага хат билан мурожаат қилиб ўтирмайди. Уларнинг ҳаммаси қулай шаклда тематик веб-сайтлар орқали тақдим этиб бориляпти. Замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда қўмитанинг stat.uz расмий веб-сайтининг янги кўриниши, аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини ёритиб бориш бўйича aholi.stat.uz, гендер кўрсаткичларни ўз ичига олган gender.stat.uz, Миллий барқарор ривожланиш мақсадларининг (БРМ) бажарилишини мониторинг қилишнинг nsdg.stat.uz, услубий низомлар ва йўриқномалар билан танишиш имкони берувчи lib.stat.uz веб-сайтлари яратилди ва ишга туширилди.

Ўзбекистон Республикаси Очиқ маълумотлар порталининг янги талқини ишлаб чиқилиб, ҳозирги кунда мазкур порталда 154 та вазирлик ва идоранинг 4 мингдан ортиқ маълумоти эълон қилинди.

Мазкур ишлар натижаси қатор халқаро рейтингларда ўз ифодасини топмоқда. Жумладан, 2021 йил якунларига кўра, Ўзбекистон Глобал маълумотлар барометри (The Global Data Barometer - GDB)  рейтингида 58-ўринни эгаллади. Мазкур рейтингда 100 дан ортиқ мамлакат қатнашганини инобатга олсак, юртимиз унинг асосий модуллари ҳисобланган “Очиқ маълумотлар ташаббуси”ни ўз ичига олган “Имкониятлар” модулида 80 балл тўплаб – 8, “Бошқарув” модулида 52 балл тўплаб – 19-ўринни эгаллади.

Зоҳиджон Зияев, Давлат статистика қўмитаси раиси ўринбосари

Поделиться:
Единый портал интерактивных государственных услуг
Национальный правовой информационный центр