Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон манфаатлари устунлигини таъминлаш баробарида жамиятда хотин-қизлар мавқеини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини устувор қадриятлардан бири сифатида ҳимоя қилишга қаратилган. Бунда, айниқса, аёлларнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда.
Мазкур ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини ходимларга етказиш мақсадида 2022 йил 11 август куни “Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази” ҳамда “Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази” давлат муассасалари ходимлари иштирокида ўқув машғулоти ўтказилди.
Тадбирни Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази бош юрисконмульти А.Рахмонов олиб бориб, ходимларга Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича амалга оширилаётган ишлар, халқаро ҳамжамият томонидан мамлакатимизга бу йўналишда кўрсатилаётган кўмаклар ва хорижий давлатлар амалиёти тушунтириб берилди.
Шунингдек, машғулотда Ўзбекистан Республикаси Конституцияси, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлари, Ўзбекистан Республикаси иштирокчи бўлган гендер тенглик ва оила масалалари бўйича халқаро шартномалар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгилаб берилган нормаларнинг мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиб ўтилди.