Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ходимлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Ғалаба боғи ёдгорлик мажмуаси таркибидаги “Шон-шараф” давлат музейига ташриф буюришди. Музейда Иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатган ўзбекистонликлар ҳақидаги маълумотлар, ўша даврлар руҳини тўлиқ ҳис этишга имкон берувчи экспонатлар ўрин олган.
Музейнинг кириш қисмида Ўзбекистон халқ рассоми Алишер Алиқулов қаламига мансуб асарнинг 22 метрлик панноси илинган. Унда фронтга йўл олаётган аскарларнинг кузатиш жараёни, фронт ортидан юкларнинг жўнатилиши, 1941—1945-йиллар давомидаги Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистон ҳудудларидаги умумий жараён жонли тарзда акс эттирилган.
Ходимлар ўзбекистонликларнинг асосий фронт ва чегара постларида олиб борган курашлари, ички ишлар, разведка фаолиятидаги мардонавор хатти-ҳаракатлари қайд этилган тарихий ҳужжатлар, уларнинг суратлари ва улар ҳақидаги маълумотлар билан танишдилар.
Музейга ташриф тинчлик қадрини янада чуқурроқ англаш, тарихий хотирани асраб-авайлаш ва келажак авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш қанчалик муҳим эканини эслатди.