Остонада Рақамли инклюзия ва трансформация бўйича Осиё-Тинч океани вазирлар конференцияси бўлиб ўтди

Остонада Рақамли инклюзия ва трансформация бўйича Осиё-Тинч океани вазирлар конференцияси бўлиб ўтди

05 сентябрь 2024

Қозоғистон пойтахти Остона шаҳри жорий йилнинг 3-5 сентябрь кунлари рақамли технологиялар ривожи ва инклюзивлик масалаларига бағишланган нуфузли халқаро анжуманга мезбонлик қилди.

БМТнинг Осиё-Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ESCAP) ҳамда Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган «Рақамли инклюзия ва трансформация бўйича Осиё-Тинч океани вазирлар конференцияси» минтақада рақамли трансформациянинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун юқори мартабали вакилларни бир майдонга жамлади. 

Конференциянинг асосий мақсадларидан бири рақамли технологияларни жамият ва иқтисодиётнинг барча қатламларига кенг жорий этиш, кичик ва ўрта бизнес корхоналарининг рақобатбардошлигини ошириш, давлат хизматларини рақамлаштириш орқали уларнинг сифатини ошириш ва инклюзивликни таъминлашдан иборат. 

Тадбир доирасида 4 сентябрь куни ўтказилган «Кичик ва ўрта бизнес рақобатбардошлигини ошириш учун рақамли давлат хизматлари» мавзусидаги конференция ҳам алоҳида эътиборга молик бўлди. Мазкур конференцияда БМТ Бош котиби ўринбосари ва ESCAP ижрочи котиби Армида Салциаҳ Алисжаҳбана, Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Жаслан Мадиев, Қирғизистон Рақамли ривожланиш вазири Нурия Кутнаева, Таиланд Рақамли иқтисодиёт ва жамият вазирлигининг доимий котиби Висит Виситвораат каби бир қатор давлатларнинг юқори мартабали вакиллари иштирок этдилар. 

Ўзбекистон Республикаси номидан Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази директори Азиз Муҳитдинов мамлакатимизда рақамли ҳукуматни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, қўлга киритилган ютуқлар ва истиқболдаги режалар ҳақида маъруза қилди.  

Осиё-Тинч океани вазирлар конференцияси минтақа давлатлари ўртасида рақамли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва биргаликдаги лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятлар эшигини очди.

Поделиться:
Единый портал интерактивных государственных услуг
Национальный правовой информационный центр