Пастдарғом бозорида рақамлаштириш: анъанавий савдодан – интеллектуал тизимгача

Пастдарғом бозорида рақамлаштириш: анъанавий савдодан – интеллектуал тизимгача

16 апрель 2025

Ўзбекистонда рақамли ислоҳотлар ҳаётнинг турли соҳаларида ўз самарасини бермоқда. Эндиликда бу жараён деҳқон бозорларига ҳам кириб борди.

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида жойлашган Пастдарғом мева-сабзавот деҳқон бозорида “Рақамли Ўзбекистон – 2030” доирасида жорий қилинган raqamli-bozor.uz ахборот тизими нафақат бозор фаолиятини рақамлаштириш, балки уни очиқ, самарали ва қонуний тарзда ташкил қилишда муҳим босқич бўлди.

Муаммодан ечимгача: рақамлаштириш зарурати

Пастдарғом бозорининг рақамлаштириш тажрибаси учун танлангани бежиз эмас. Тегишли идоралар томонидан ўтказилган таҳлилларда айнан шу бозорда қонунбузарлик ҳолатлари нисбатан кўпроқ қайд этилган. Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида бозорнинг 51 фоиз давлат улушига эга эканлиги ва умумий майдони 5,2 гектардан иборатлиги ҳисобга олиниб, рақамлаштириш бўйича инновацион лойиҳа амалга оширилди.

“raqamli-bozor.uz”: бир дастур – ўнлаб ечимлар

Real Soft компанияси билан ҳамкорликда яратилган “raqamli-bozor.uz” дастури 12 бўлимдан иборат бўлиб, бозордаги барча муҳим фаолият йўналишларини қамраб олади. Ушбу тизим орқали тўловлар, ижара шартномалари, автотураргоҳ, назорат, даъволар ва бошқа соҳаларда тўлиқ электрон назорат таъминланади. Энг муҳими – маълумотлар кунлик, ойлик ва йиллик тарзда кўрилиб, юклаб олиниши мумкин.

Сунъий интеллект, видеокузатув ва автоматлашган баҳолаш

Бозор ҳудудида ўрнатилган 27 камера сунъий интеллект орқали ҳар бир савдо нуқтасини кузатиш, маҳсулот турини аниқлаш ва тўлов миқдорини ҳисоблаш имкониятини берди. Бу тадбиркорларга нисбатан адолатли ёндашувни таъминлаш билан бирга, даромадни яшириш ҳолатларининг олдини олмоқда. Чорва моллари бозорида ҳам тушумлар реал вақтда аниқ ҳисобланиб, шаффофликка эришилмоқда.

Электрон тўлов тизими жорий қилиниши билан харидорлар тўловларни онлайн амалга ошириши мумкин бўлди. Дўкон эгалари билан кадастр маълумотлари асосида шартномалар расмийлаштирилиб, муддатида амалга оширилмаган тўловлар бўйича автоматик огоҳлантириш ва даъво аризалари шакллантириш тизими йўлга қўйилди.

Натижалар

  • Қонуний фаолият юритувчи тадбиркорлар сони 150 нафарга ошди (умумий сони 670 нафарга етди).
  • 74 миллион сўмлик эски қарздорлик бартараф этилди.
  • Янгидан қурилган ҳожатхона орқали ойига 1,4 миллион сўм ижара даромади тушмоқда.
  • Электронлаштириш ҳисобига 3 нафар штат қисқартирилиб, харажатлар оптималлаштирилди.
  • Солиқ, тиббиёт, ИИБ ва бошқа хизматлар учун алоҳида хоналар ташкил этилиб, доимий хизмат йўлга қўйилди.

“Пастдарғом мева-сабзавот деҳқон бозори”даги рақамли ислоҳотлар нафақат савдо муносабатларида янги босқични бошлади, балки шаҳар ва туманлар миқёсидаги бошқа бозорлар учун ҳам намуна сифатида хизмат қилмоқда.

 

Поделиться:
Единый портал интерактивных государственных услуг
Национальный правовой информационный центр