Рақамлаштириш ва сунъий интеллектнинг долзарб масалалари

Рақамлаштириш ва сунъий интеллектнинг долзарб масалалари

31 январь 2025

Олмаота шаҳрида бугун, 31-январ куни «Digital Almaty 2025» халқаро рақамли форумининг ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов мамлакатимизда рақамлаштиришни жадаллаштириш ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларга замонавий технологияларни жорий қилиш, юртимизни сунъий идрок технологияларидан фойдаланувчи дунёнинг етакчи давлатлари қаторига киришига эришиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тақдимот қилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича 2030 йилгача бўлган стратегия тасдиқланиб, муайян мақсадли кўрсаткичлар белгилаб берилгани қайд этилди.

Хусусан, сунъий онгга асосланган дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва рақамли хизматлар кўрсатиш ҳажмини 1,5 миллиард долларгача ошириш, бир қатор илмий лабораториялар яратиш, юқори самарали сервер инфратузилмасини шакллантириш сингари кўплаб устувор вазифалар мақсад қилиб олинган.

Ялпи мажлисда Стратегия доирасида йигирмадан ортиқ лойиҳа амалга оширилгани ҳамда иқтисодиётнинг асосий тармоқларига сунъий интеллект технологиялари жадал татбиқ этилаётгани натижасида қатор ютуқларга эришилгани маълум қилинди.

Жумладан, Тошкент метрополитенида «Палм Пай», тўлов тизими жорий этилиб, тўловларни амалга оширишда йўловчиларга қулайлик яратилди, банклар ва йирик савдо мажмуаларида «May ID» ва «UzFace» тизими йўлга қўйилгани эса мижозларни идентификациялашни тезлаштириш ва рақамли фирибгарлик хавфини камайтириш имконини берди, солиқ тизими ва давлат хизматлари порталида аҳолига маслаҳатлар бериш ва электрон хизмат олишга ёрдам берувчи виртуал ёрдамчилар ишга туширилди.

Натижада, Ўзбекистон 2024-йилда «Ҳукуматнинг сунъий интеллектга тайёрлиги рейтинги»да 17 поғонага кўтарилди.

Ялпи мажлисда сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича қабул қилинган Стратегиясига мувофиқ, Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириш, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Бунда, айниқса, биринчи навбатда, IT инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани билдирилди.

Шу мақсадда, Ўзбекистон сунъий идрокни тартибга солиш стандартларини ишлаб чиқиш, кадрлар тайёрлаш ва зарур инфратузилмани яратиш бўйича етакчи ташкилотлар ва IT компаниялар билан халқаро ҳамкорликни фаол кенгайтирмоқда.

Шунингдек, рақамлаштириш ва сунъий интеллектнинг долзарб масалалари, шу жумладан, мазкур йўналишда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари тўғрисида атрофлича фикр алмашилди.

Поделиться:
Единый портал интерактивных государственных услуг
Национальный правовой информационный центр