Рақамли Швеция: қироллари «камбағал», халқи бой мамлакат

Рақамли Швеция: қироллари «камбағал», халқи бой мамлакат

12 октябрь 2022

«Биз сайёрамиздаги энг яхши рақамли миллатга айланамиз. Бу Швеция учун мумкин ва шарт бўлган ягона йўл. Бу менинг вазифам». Уй-жой ва рақамлаштириш вазири Петер Эрикссон 2016 йил 25 майида лавозимига киришаётганида сўзлаган нутқдан.

Ҳикоямиз «Ижтимоий адолат давлати» моделини кенгайтириб, «Барча учун ахборот жамияти»ни қуришни тезлаштирган Швеция ҳақида. «Барча учун ахборот жамияти» стратегиясининг мегатренди — 2025 йилга бориб ҳар бир швед учун интернет тезлигини 1 Гбит/сонияга етказиш.

Маълумот учун: яқинда эълон қилинган БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш индекси (E-Government Development Index, EGDI — UN E-Government Survey 2022)да Швеция 5-ўринни эгаллади.

Социализм ўрнатилган қироллик

«Ericsson ватанига хуш келибсиз!» — Стокголм аэропортига келиб қўнган самолётдан тушаётган меҳмонларнинг қулоғига биринчи бўлиб чалинадиган калом. Халқи ва ҳукуматининг жипслиги, истеъдоди ва донолиги бир бўлиб, муваффақиятли ва барқарор high-end (энг юқори ривожланган) иқтисодиёт қурган рақамли миллатнинг хитоби бу. Фахрланишга арзийди!

Жаҳон ҳамжамияти нигоҳида бугунги Швеция:

  • Скандинавия халқлари орасида тўнғичи — аҳолиси сони (10,35 млн.) ва ҳудудининг катталиги (447 435 кв.км.) бўйича; минтақанинг етти мамлакати (Швеция, Дания,  Норвегия,  Финляндия, Эстония, Латвия, Литва) умумий ЯИМдаги улуши (36 фоиз) ҳамда бу мамлакатларга тўғридан-тўғри инвестициялар бўйича (деярли 50 фоиз).
  • Европадаги энг кучли иқтисодиётлардан бири: глобал рақобатбардошлик рейтинги (IMD World Competitiveness Index 2021)да жаҳонда 2-ўринда.
  • Сайёрамиздаги энг фаровон мамлакат (Good Country Index 2020).

Бу эътирофларга Швеция ҳукумати ўз халқининг турмуш тарзига қўшган ҳиссаси (аҳолисининг фаровонлиги ва ва соғлиқни сақлашда эришган натижалари), тенг ҳуқуқлиликни таъминлаш ва маданиятни ривожлантиришдаги хизматлари орқали эришди.

Бир қарашда давлат қурилишининг ғирт терс шакллари — капитализм ва социализмни ўзида мужассам этган «Социализмнинг швед модели» ўтган асрнинг 60-йилларида пайдо бўлди. Ва дунёдаги энг адолатли ва муваффақиятли тизимлардан бирига айланди. Унинг асосий устунлари: давлат — фуқаролар олдида жавобгар; давлат органлари — аҳоли назорати остида; жамиятнинг барча қатламлари тизим томонидан тўлиқ қамраб олинган; «ўрта синф»га таянилади; барча неъматларни давлат тақсимлайди.

Дунёдаги энг кўп солиқ тўловчи халқ шведлар — ЯИМнинг 60 фоизини солиқлар ташкил қилади! Бироқ аҳоли жон бошига даромад (50 минг АҚШ доллари) борасида ҳам Швеция олдинги ўринларда. Мамлакатдаги энг кам иш ҳақи эса АҚШдагидан икки баравар юқори!

Ҳаммаси оддий — солиқлар ва давлат харажатлари прогрессив тақсимланади. Ўта юқори солиқлар ўта юқори давлат харажатларини қоплайди. Эвазига фуқаролар сифатли ва бепул тиббиёт ва таълим, бола ва уй-жой учун кўплаб субсидиялар билан таъминланади, дунёдаги энг хавфсиз ва замонавий шаҳарларда яшайди.

«Швед мўъжизаси»нинг сирларидан бири викингларга бориб тақалади. Азалдан тенглик ва адолат улар учун қонунга тенг бўлган, «катта бойлик»ни хушлашмаган, солиқ тўламаган бойлардан нафратланишган.

Дунёга машҳур швед бренди — IKEA асосчиси умрининг охиригача эски «Волво»сида юрди. Ҳатто швед қироли ҳам «Порше», «Бентли», «Роллс-ройс»ларни гаражида қолдириб, кўпинча «Волво»да сайр қилади.

«Камбағал» қироллар

Европадаги энг «камбағал» қироллар оиласи Швецияда яшайди. Қирол оиласини боқиш учун ҳар бир фуқаро йилига ярим евродан тўлайди, жами 12 млн евро бўлади. Солиштириш учун: қирол оиласининг йиллик харажатлари йилига Буюк Британияда — 47 млн евро, Нидерландияда — 40 млн евро, Норвегияда — 28 млн евро.

Нега кўпчилик Швецияга интилади? Сабаблар кўп...

Биринчидан, Швеция глобал иқтисодий инқироздан тез чиқа олган камдан-кам давлатлардан бири. 2016 йилда мамлакат аҳоли жон бошига даромад бўйича Европада 7-ўринни, жаҳонда 17-ўринни банд этди.

Иккинчидан, Швеция жаҳондаги энг инновацион мамлакатлардан бири. Ericsson телекоммуникациялар корпорацияси йилига минглаб ихтиролари учун патент олади. Швед социалистик жамияти тадқиқотлар ва ишланмаларни яхши рағбатлантиради. Илм-фан учун харажатлар ҳеч қачон ЯИМнинг 3,2 фоизидан пастга тушмайди.

Ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган жуда кўп нарсаларни шведлар ўйлаб топишган: Целсий ҳарорат шкаласи, астрономия линзалари, динамит (ва Нобел мукофоти), гугурт, кемани ҳаракатлантирувчи винтлар, универсал калитлар, қадалувчи молния, сут соғиш аппарати ва сепаратор, «Тетра пак» қадоқлари, автомбиллардаги хавфсизлик камарлари, болалар креслолари, портатив кардиостимулятор, ЭКГ, ВИЧ-трекер, мия бошқарадиган протез қўллар, синган суяклар учун елим...

Булар орасида Ларс Магнус Эрикссоннинг телефони алоҳида ўринга, кейин компютер сичқончаси прототипи, Skype, денгиз навигацияси тизими — AIS ва бошқалар пайдо бўлди.

Учинчидан, Швеция ЕИдаги ахборот-коммуникация технологиялари тараққиёти бўйича етакчи мамлакатлардан бири. Еврокомиссиянинг ахборот жамияти ривожланишини мониторинг қилувчи индекси (Digital  Economy  and  Society  Index  (DESI)га кўра, Швеция учинчи ўринда.

2016 йилда Швецияда интернетга 30  Мбит/сониядан кам бўлмаган тезликда кенг полосали симли ва мобил уланиш шаҳарларда 99 фоиз, қишлоқларда 95 фоизга етказилганди. Мамлакатнинг мураккаб табиий ландшафти нуқтаи назаридан бу — юқори кўрсаткич. Шунга қарамай, 2025 йилга бориб 98 фоиз аҳолини 1 Гбит/с тезликдаги интернет билан таъминлаш режалаштирилган. Қолган 1,9 фоиз аҳоли 100  Мбит/с, 0,1 фоиз аҳоли 30  Мбит/с интернетдан фойдаланади.

2017 йилдаги статистикага кўра, ҳар бир швед оиласига ўртача 2,5 тадан компютер ва биттадан зиёд планшет тўғри келган, ҳар 10 кишининг 8 нафари смартфон, деярли барча мобил телефон (98 фоиз) ишлатган.

Бугунги кунда Швеция аҳолисининг 75 фоизи янги иқтисодий шароитларда тўлақонли ишлаш имконини берувчи асосий рақамли кўникмаларга эга. Шуларнинг қарийб ярми — IT-профессионаллар. Ҳатто шу ҳам камлик қиляпти, мамлакатда ахборот технологиялари мутахассисларига бўлган талаб — таклифдан юқори.

Швецияда интернетдан фойдаланувчилар тобора фаоллашмоқда: энг оммалашган йўналишлар: онлайн янгиликлар (83 фоиз), интернет-харидлар (78 фоиз), ижтимоий тармоқлар (69 фоиз), фильмлар ва ўйинлар (57 фоиз), видеоалоқа (43 фоиз). Булар икки-уч йил олдинги маълумотлар.

(Давоми бор)

Поделиться:
Единый портал интерактивных государственных услуг
Национальный правовой информационный центр