Рақамли технологиялар вазирлиги ташкил этилмоқда

Рақамли технологиялар вазирлиги ташкил этилмоқда

24 декабрь 2022

Президентнинг «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва унинг ижросини самарали ташкил этиш бўйича қарори имзоланди.

Унда сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг муҳим шарти ҳисобланган самарали фаолият юритувчи бошқарув тизимини шакллантириш бўйича кенг кўламли маъмурий ислоҳотлар амалга оширилгани қайд этилди.

Жумладан, давлат органларининг соҳага оид бўлмаган вазифаларини қисқартириш ва фаолиятига  рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали уларнинг тузилмаси ўртача 15 фоизга мақбуллаштирилди, шунингдек, 26 та давлат органлари ва ташкилотларида 40 та раҳбар ўринбосарлари лавозимлари қисқартирилди.

Давлат органлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш ҳисобидан бюрократик тўсиқларни қисқартириш ва аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш тизимини яхшилаш мақсадида 30 га яқин турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди, 70 дан зиёд давлат хизматлари соддалаштирилди, давлат ташкилотлари томонидан 60 дан ортиқ ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинди.

«Электрон ҳукумат» тизимининг фойдаланувчилари сони 4 миллиондан ошиб, у орқали давлат идораларининг 130 дан ортиқ ахборот ресурсларидан фойдаланиш имкониятлари яратилди.

Ягона интерактив давлат хизматлари порталида қарийб 350 турдаги хизматлар онлайн шаклда кўрсатилиши йўлга қўйилди.

Фармонга кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб ҳукуматга бўйсунадиган ижро органлари сони 61 тадан 28 тага қисқартирилмоқда. Бунда, 20 та идора тўлиқ тугатилмоқда.

Шунингдек, барча вазирликларнинг штатлари 30 фоизгача қисқартирилади.

Илғор хорижий тажрибалар асосида давлат бошқаруви идоралари фақат вазирлик, қўмита, агентлик ва инспекциядан иборат бўлади. Бунда, вазирлик тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширишга масъул бўлиб, тармоққа кирувчи қўмита, агентлик ва инспекцияларга раҳбарлик қилади.

Шунингдек, мавжуд 25 та вазирлик ўрнига 21 та вазирлик ташкил этилади. Жумладан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги – негизида Рақамли технологиялар вазирлиги ташкил этилмоқда.

Фармоннинг тўлиқ матни билан бу ерда танишиш мумкин.

Поделиться:
Единый портал интерактивных государственных услуг
Национальный правовой информационный центр