Замонавий дунёда ахборот технологиялари жадал ривожланиб, ҳаётимизнинг барча жабҳаларига кириб бормоқда. Давлат бошқаруви ҳам бундан мустасно эмас. Ўзбекистонда рақамли ҳукуматни шакллантириш, давлат хизматларини электронлаштириш ва аҳолига қулайликлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда статистик маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш жараёнлари ҳам рақамлаштирилмоқда. Статистика агентлиги бу борада қандай ишларни амалга оширмоқда? Рақамли технологиялар соҳадаги жараёнларни қандай ўзгартирмоқда? Маълумотлар хавфсизлиги ва махфийлиги қандай таъминланмоқда?
Шу ва бошқа саволларга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги директори ўринбосари Зоҳиджон Зияев билан бўлиб ўтган интервьюмизда жавоб топишингиз мумкин.
Зоҳиджон Зияевнинг таъкидлашича, рақамли технологиялар жорий этилиши орқали статистик маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш жараёнлари сезиларли даражада такомиллашди. Қоғоз сўровномалар ўрнига электрон тизимлар жорий этилиши, мобил қурилмалардан фойдаланиш имконияти яратилиши ва бошқа давлат ташкилотлари билан интеграция ўрнатилиши орқали жараёнлар тезлашмоқда, хатоликлар камаймоқда ва маълумотларнинг аниқлиги ошиб бормоқда.
– Фаолиятни рақамлаштиришда агентлик олдида қандай асосий мақсад ва вазифалар турибди?
– Соҳада маълумотлар ҳажми кўпайгани сари сифатга бўлган талаб ҳам кучайиши табиий. Классик статистикада илгари қоғоз сўровномалардан фойдаланилган. Жараёнларни оптималлаштиришнинг энг яхши усули рақамлаштиришда фаол қатнашишдир. Расмий статистикани тайёрлаш шартли равишда уч босқичга бўлинди: яъни маълумотларни тўплаш, қайта ишлаш ва уларни фойдаланувчиларга тақдим этиш. Айнан шу йўналишларни рақамлаштириш устувордир. Қолганлари эса улар таркиби сифатида белгиланган.
– Маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилишда қандай технологиялардан фойдаланилмоқда?
– Илгари рақамли статистика қоғоз бланкаларда тўпланган. Ҳозирда рақамли технологиялар туфайли тўплаш уч йўналишда қўлланилмоқда. Улардан бири рақамли ҳисоботлар, бу борада web шаклдаги Estat.uz платформасини жорий қилганмиз. Иккинчи манба сифатида мобил қурилмани жорий қилдик, аввалари ишлатилган кузатув бланкалари ҳозирда планшетларга ўзгартирилган. Бу биринчи навбатда қоғоз сарфини камайтиради, жараённи тезлаштиради ва хатоликларни камайтиради. Сабаби мобил иловалардаги мантиқий назорат тизими механик хатоларни бартараф этишга қаратилган. Учинчи йўналиш бу – маълумотлар базасидан фойдаланиш. Яъни вазирлик ва бошқа давлат ташкилотларининг ҳужжатлаштирилган маълумотларидан статистика шакллантиришда фойдаланишдир. Сўнгги икки йилда 22 тадан ортиқ ташкилот билан интеграция йўлга қўйилган.
– Маълумотлар алмашинувида бошқа ташкилотлар билан интеграция қандай йўлга қўйилган?..
– Фойдаланувчига маълумот етказиш каналларини кўпайтириш зарур, албатта. Бу борада веб-саҳифа ва платформаларни ишга туширганмиз. Бундан ташқари, икки хил хизмат жорий қилинган: бири расмий статистик маълумотларни сўровга асосан тақдим этиш, яна бири эса корхона ва ташкилот регистридан маълумот олиш. Бу борада айнан Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) билан ҳамкорлик ҳам йўлга қўйилган.
– Бугун хавфсизлик масаласи тобора долзарб бўлиб бормоқда. Статистик маълумотларни ҳимоя қилиш ва махфийлигини таъминлаш учун қандай чоралар кўрилади?
– Бу энг муҳим масалалардан бири ва кўпчилик респондентларда хавотир уйғотади. Расмий статистик маълумотлар хавфсизлиги қонун асосида белгилаб қўйилган, яъни ҳеч қайси ҳолатда учинчи шахсга, суд-тергов жараёнларига ёки бошқа ҳолатларда тақдим этилиши мумкин эмас. Нормада белгилаб қўйилганки, ушбу маълумотлар фақат расмий статистикани шакллантириш учун ишлатилади. Махфийликни таъминлаш учун маълумотларни тўплашда ҳам, уларни қайта ишлашда ҳам электрон шифрланган рақамлардан фойдаланилади ва субъект рухсатисиз кабинетга ҳеч ким киролмайди. Технологик жараёнларга келсак, барча маълумотлар ва уларнинг нусхалари ҳам алоҳида серверларда, шифрланган ҳолатда сақланади.
– Статистика агентлиги ўз фаолиятига катта маълумотлар, машинавий ўрганиш ёки сунъий интеллект каби мураккаб технологиялар интеграциясини ҳам режалаштиряптими?
– Ҳозирги кунда барча ташкилотлардаги энг долзарб масалалардан бири – сунъий интеллектни соҳага жорий қилиш. Бу бўйича айнан йўналиш танланиши ва хавфсизлик масаласини ўрганиш керак. Бугун статистик ҳисоботларни тартибга солиш учун Chat bot устида ишлаяпмиз. Ушбу тизимдан бухгалтерлар ўз ҳисоботларида фойдаланишлари мумкин. Ёки расмий статистик маълумот керак бўлганда барча ўз сўровларини кирита олади. Айни пайтда лойиҳа машинавий ўқитиш босқичида, 2025 йилнинг баҳор ойларида иш якунланиб, синов тартибида тақдим этилади.
– Давлат идоралари ва корхона ёки аҳоли рақамли статистик маълумотларга қандай кириши мумкин? Бунинг учун махсус платформа ёки хизматлар ишлаб чиқилганми?
– Бир неча йил аввал фойдаланувчилар эҳтиёжини ўрганган ҳолда ушбу жараённи рақамлаштиришга эътибор қаратилди. Биринчи навбатда расмий веб саҳифа такомиллаштирилди. Яна маълумотларни тақдим этувчи портал устида иш бошладик, ҳозирги кунда у 3 та тилда ишга туширилган. Унинг қулайлиги фойдаланувчиларга маълумотларни жадвал кўринишида ёки машинавий ўқитишга асосланиб тақдим этишида. Маълумотлар доимий янгиланиб борилади.
– Хусусий компания ёки тадқиқот марказларининг маълумотлар сўрови қандай кўриб чиқилади? Бу борада қандай инновацион ечимлар қўлланилади? Ўзи бу турдаги маълумотлар ҳамма учун очиқми?
– Ҳозирги кунда фойдаланувчилар асосан расмий веб саҳифа орқали мурожаат қилишяпти. Тавсия қилган бўлардимки, айнан siat.stat.uz платформаси орқали маълумотларни қидириб кўришларини, у ерда 2 800 дан ортиқ маълумотлар базаси мавжуд. Бундан ташқари, улар my.gov.uz портали ёки расмий хат орқали мурожаат қилишлари мумкин. Баъзан мураккаб сўровлар бўлади, бундай вазиятда резидентларни чақириб, аниқлик киритилади. Мурожаатлар ўртача 3 – 7 кун оралиғида кўриб чиқилади, айрим ҳолларда 15 кунгача муддат талаб этилиши мумкин.
Интервьюнинг тўлиқ қисмини YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин: