Ўзбекистон – Туркия: рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик йўлида муҳим қадам

Ўзбекистон – Туркия: рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик йўлида муҳим қадам

06 ноябрь 2024

Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Иқтисодий ва савдо ҳамкорлик қўмитасининг (COMCEC) 40-сессияси доирасида Ўзбекистон Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази раҳбари Анвар Мансуров ҳамда Star of Bosphorus маълумотлар маркази раҳбарияти ўртасида учрашув ўтказилди.

Учрашувда бир қатор муҳим йўналишлар бўйича ўзаро ҳамкорлик истиқболлари, жумладан, Рақамли ҳукумат  маркази ходимларининг малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар рақамли технологиялар ва лойиҳаларни бошқариш соҳасидаги мутахассислар учун тажриба алмашиш ва ўқув машғулотларини ўтказишга келишиб олдилар. Давлат ва хусусий сектор учун рақамли ечимларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш бўйича кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Рақамли инфратузилмани такомиллаштириш, жумладан, маълумотлар марказларини модернизация қилиш ва кенгайтириш, булутли технологияларни жорий этиш бўйича ҳамкорликда ишлаш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Катта маълумотлар ва ахборот хавфсизлиги соҳасида қўшма тадқиқотлар олиб бориш, янги ечимларни ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Ушбу учрашув Ўзбекистон ва Туркия ўртасида рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди.

Поделиться:
Единый портал интерактивных государственных услуг
Национальный правовой информационный центр