Бугун, 6 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда сунъий интеллект (СИ) технологияларини ривожлантириш ҳамда уларни иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларга жорий этиш юзасидан тайёрланган тақдимот билан танишди.
Дунё миқёсида СИ иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш, хавфсизлик ва бошқа муҳим йўналишларда асосий воситага айланиб бормоқда. Бу технологиялар давлат бошқарувида самарадорликни ошириш, ресурслардан тежамкор фойдаланиш ва аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам бу йўналишда тизимли ислоҳотлар амалга оширилиб, мамлакатимиз СИни татбиқ этиш бўйича халқаро рейтингда 17 поғона юқорилади. Ҳозирда юртимиз 188 давлат орасида 70 ўринни, Марказий Осиё бўйича эса биринчи ўринни эгаллаб турибди.
Президент таъкидлаганидек, бу натижалар соҳадаги илк қадамларнинг самарасидир. Аммо олдинда ҳали катта вазифалар турибди. Шу мақсадда ўтган йили 2030 йилгача мўлжалланган Сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси қабул қилинди ва Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузурида махсус марказ ташкил этилди.
Тақдимотда соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда СИ лойиҳаларини амалга ошириш учун 50 миллион доллар маблағ ажратилди. Соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт, экология ва молия соҳаларини қамраб олган 86 та лойиҳа шакллантирилган. Шу билан бирга, СИ учун зарур ҳисоблаш имкониятларини яратиш мақсадида суперкомпьютер кластери барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.
– Сунъий интеллектни тезроқ ривожлантириш учун илғор хорижий ва маҳаллий тажрибаларни ўрганиш, соҳада фаол ватандошларимиз ва экспертлар билан ҳамкорлик қилиш зарур, – деди давлат раҳбари.
Шунингдек, тақдимотда маълумотлар марказларини қуриш, бу йўналишга инвестиция киритмоқчи бўлган тадбиркорлар учун қулай муҳит яратиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
СИ ривожининг асосий омили – малакали кадрлар тайёрлашдир. Президент бу жараённи мактаб босқичидан бошлаш, информатика ўқитувчиларини қайта тайёрлаш ва янги авлод дарсликларини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
Ҳозирда “Бир миллион сунъий интеллект етакчилари” миллий дастури доирасида ёшлар учун aistudy.uz ва omp.aistudy.uz платформалари орқали бешта бепул онлайн курс ишга туширилган. Дастур доирасида 2027 йилга қадар 1 миллион нафар ёш СИ соҳасида билим ва кўникмаларга эга бўлиши кўзда тутилган.
Ёшларнинг илғор ғоя ва лойиҳаларини аниқлаш учун мамлакат бўйлаб СИ хакатонлари ташкил этилмоқда. Яқинда Нукус шаҳрида соғлиқни сақлаш йўналишидаги “HealthTech AI Hackathon” муваффақиятли ўтказилди. Президент бу тажрибани таълим, суд тизими, сув хўжалиги ва тадбиркорлик соҳаларида ҳам кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
Йиғилиш якунида давлатимиз раҳбари сунъий интеллектни жорий этишни жадаллаштириш, илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш ҳамда соҳада кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берди.