Ўзбекистонда UNU-EGOV ташаббуси ишга туширилди

Ўзбекистонда UNU-EGOV ташаббуси ишга туширилди

25 июнь 2025

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг Давлат хизмати форуми доирасида Сунъий интеллект (СИ) даврида давлат хизматларини ислоҳ қилиш масалалари кенг муҳокама қилинди.

Мазкур сессияда сўнгги йилларда давлат хизматларини кўрсатиш жараёнларида сунъий интеллект технологияларининг ўрни ва салоҳияти асосий эътибор марказида бўлди. Ҳукумат ва хусусий сектор вакиллари, халқаро ташкилотлар ҳамда илмий доиралар вакилларини бирлаштириб, давлат институтлари фаолиятида СИ'дан қандай самарали фойдаланиш мумкинлиги юзасидан фикр алмашиш учун муҳим майдонга айланди.

Панел иштирокчилари СИ'нинг хавфсиз ва адолатли қўлланилишини таъминлаш учун алгоритмик тарафкашлик, маълумотлар махфийлиги, инсон ҳуқуқларига ҳурмат, ҳисобдорлик ва шаффофлик каби муҳим принципларни илгари суриш зарурлигини таъкидладилар. Хусусан, давлат қарорларидан таъсирланган фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи, тушунтириш ва баҳслашиш механизмлари йўлга қўйилиши зарур экани қайд этилди.

Шунингдек, сессияда давомида UNU-EGOV ташаббуси ишга туширилгани ҳам эълон қилинди. Унда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этиб, нутқ сўзлади.

"Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Университети — UNU-EGOV билан стратегик ҳамкорликни йўлга қўяётганимиздан мамнунмиз. Ушбу ҳамкорлик электрон бошқарув соҳасида замонавий илмий-тадқиқотларни олиб бориш, амалий қўшма лойиҳалар, шунингдек, мутахассисларимиз салоҳиятини ошириш ва уларни тайёрлаш бўйича янги имкониятлар эшигини очади.

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида минтақавий ҳамкорликни доимий равишда илгари суриб келмоқдалар.

Шунингдек, UNU-EGOV билан стратегик ҳамкорликда йўлга қўйилаётган Марказий Осиё Рақамли ҳукумат форуми минтақадаги барча давлатлар ҳукуматлари учун илғор тажрибаларни ўрганиш, ўзаро тажриба алмашиш ва, энг асосийси, фуқаролар ҳамда тадбиркорларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишда муҳим рол ўйнайди.

Бирлашган Миллатлар Университетига миннатдорчилигимизни билдирамиз ва бу ҳамкорлик минтақа халқлари учун ҳақиқий фойда келтиришига чин дилдан ишонамиз", — деди вазир нутқи давомида.

Поделиться:
Единый портал интерактивных государственных услуг
Национальный правовой информационный центр