ICTWeek Uzbekistan 2025 ҳафталиги доирасида “ Рақамлаштириш — трансформация драйвери: ғоялардан ақлли ечимларга” форуми бўлиб ўтди. Тадбир Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази томонидан ташкил этилди.
Форумда давлат ва нодавлат ташкилотлар раҳбарлари, халқаро экспертлар, йирик корпорациялар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, рақамлаштиришнинг мамлакат тараққиётидаги ўрни, эришилган натижалар ҳамда янги авлод технологиялари асосида келажакка қадам қўйиш масалаларини муҳокама қилишди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда рақамли ҳукумат соҳасида қатор ишлар амалга оширилди:
• Давлат ташкилотларида қоғозбозлик кескин қисқартирилди, бюрократик тўсиқлар бартараф этилди.
• Маълумотлар базалари стандартлаштирилиб, идоралар ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинди.
• Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали кўрсатилаётган хизматлар сони 780 тага яқинлашди.
• OneID тизимига 765 дан ортиқ ахборот тизимлари уланди, фуқароларнинг вақт сарфи 90 фоизгача камайди.
• Давлат хизматлари очиқ API орқали хусусий иловаларга интеграция қилинди.
• Бугунги кунда 150 дан зиёд хусусий платформа орқали давлат органлари маълумотларидан 130 миллион маротаба фойдаланилди.
• “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида “Рақамли ҳукумат” дастури бўйича жорий йилда 60 дан ортиқ устувор лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган, уларнинг 30 таси ишга туширилди.
2030 йилга қадар барча давлат хизматларини тўлиқ онлайн шаклга ўтказиш, 2027 йил охирига қадар 40 га яқин проактив ва композит хизматларни жорий этиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, қуйидаги технологиялардан самарали фойдаланиш кўзда тутилмоқда:
• Сунъий интеллект ёрдамида мурожаатларга жавоб бериш вақти 30–40 фоизга қисқартирилади.
• Blokcheyn технологияси орқали ҳужжатлар ишончлилиги оширилади.
• Smart City ва Green Tashkent лойиҳалари орқали шаҳар инфратузилмаси барқарор ривожлантирилади.
Форум доирасида Рақамли ҳукуматнинг янги авлод модели тақдим этилди. Шунингдек, Адлия вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда “Алоқабанк” вакиллари рақамли трансформация натижаларини маълум қилишди.
Халқаро экспертлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди. Сунъий интеллект, блокчейн, big data каби илғор технологияларни жорий этиш бўйича истиқболли режалар муҳокама қилинди.
Форум якунида рақамлаштиришда юқори натижаларга эришган давлат идоралари турли номинациялар бўйича тақдирланди.